"Забх"- хайвоннинг бўғзига пичоқ уриб бўғизлаш ва томирларини кесиш демакдир. Бўғизланадиган хайвонга эса "Забиха" дейилади.
Бўғизлашнинг икки тури мавжуд, хақиқий ёки ихтиёрий - бунда хайвон қоидага биноан кескир бир восита (пичоқ) билан бўғизланади. Мажбурий бўғизлаш - овда хайвоннинг яраланишидир. Қоидасига биноан овланиш натижасида яраланиб ўлган хайвон, бўғизланган хисобланади.
Бир хайвоннинг кўкраклари устидан пичоқ урилиб томирларини кесишликка “Нахр” дейилади. Туяни забх қилиш(бўғзига пичоқ уриб бўғизлаш) макрух. Туя нахр қилинади.
Динимиз қоидаларига биноан бўғизлаш бу нафас йўли- кекирдак ва овқат йўли – қизил ўнгач ва улар ёнларида жойлашган икки томирни кесишликдир. Имоми Аъзамга кўра бу тўрт узвдан учтасини кесишлик етарлидир.
Хайвонларни бўғизлаш учун томирларни кесиб қонларини оққизадиган асбоб бўлиши етарлидир. Пичоқ кифоя қилгани каби, кескир қамиш пояси ёки шиша парчаси хам етарлидир. Фақат бу асбоб хайвонга азият бермайдиган даражада кескир бўлиши керак.
Хайвонни ерга ётқизгандан кейин бу асбобни чархлаш макрухдир. Хайвонни сўйиладиган жойига оёғидан тортиб келиш макрухдир. Хайвонни бўйнининг ости (бўғзи) қолиб бўйнининг устидан сўйиш ва терисини шилмасдан олдин калласини узиб ташлаш макрухдир.
Хайвонни бўғизлаётганда Басмалани айтишлик шартдир. Бўғизлашда Буюк Роббимизнинг муборак исмларидан бирортасини айтишлик етарлидир. Аллоху Акбар, Аллоху Аъзам, Аллох каби... Лекин Аллохнинг исмини дуо ниятийла айтишлик етарли бўлмайди. “Аллохуммағфирли “ каби...
Хайвонни бўғизлаётганда: “Бисмиллох Аллоху Акбар” дейишлик мустахабдир. Хайвонни бўғизлаётганда қибла тарафга қаратиб сўйиш суннатдир, буни тарк қилишлик макрухдир.
Бўғизловчи(қассоблар) - мусулмон ва Ахли Китоб бўлган Яхудий ва Насоролар, агарчи улар аёл бўлсалар хам, Басмала ила(Аллохнинг номини айтиб) бўғизлаган халол туркумдаги хайвонлар гўшти ейилиши жоиздир. Басмала айни бўғизланаётган пайтда айтилиши шартдир. Агар бўғизловчи Басмалани айтганидан кейин бошқа бирор одам билан гаплашса, ёки бирор нарса еса аввалги Басмаласи етарли бўлмайди. Бошқаттан Басмалани айтади.
Мусулмон ёки Ахли Китоб бўлган ва Басмала айта олган ёш бола, ақли заиф, соқов, суннациз ва маст одамнинг Басмала айтиб бўғизлаган халол туркумдаги хайвонлар гўшти ейилиши хам жоиздир.
Агар бўғизловчи Басмалани унутиб тарк қилган бўлса бунинг зарари йўқдир. Мажусийларнинг, бутга сиғинувчиларнинг, хақ диндан чиққан муртадларнинг ва Басмалани қасддан тарк қилган Мусулмон ва Ахли Китоблар бўғизлаган хайвонлар гўшти ейилмайди. Бу хайвонлар гўшти харом хисобланади.
Қурбонлик хайвонини Ахли Китоб бўлган кишининг бўғизлаши макрухдир.
Ҳасип Асутай. Қурбонлик рисоласи
Таржимон: Сайфиддин Сайфуллоҳ
Тошкент, "Мовароуннаҳр" 2005