Савол-жавоблар

Саволларга "Шайх Зиёвуддинхон" масжиди имом хатиби
Эсанов Эрдон домла устозимиз жавоб беради


Ҳукм томонидан қурбонлик неча хилдир?

Ҳукм томонидан қурбонлик вожиб ва нафл бўлиб, икки хилдир.

Қурбонликнинг рукнлари қайсилар?

Қурбонликнинг фақат бир рукни бор, у ҳам бўлса, қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлардан бирини сўйишдир. Ҳайвонни сўймасдан тирик ёки эвазини (ҳақини) камбағалга бериш билан қурбонлик масъулиятидан қутилмайди.

Қурбонлик саҳиҳ бўлишининг шартлари қайсилар?

Қурбонлик саҳиҳ бўлишининг шартлари шулардир: 1. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қусурсиз бўлиши. 2. Вақтида,яъни қурбон ҳайити кунлари сўйилган бўлиши.

Қурбонлик қачон қилинади?

Қурбонлик қилишнинг вақти, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни тонг бошланиши билан бошланади ва учинчи куни қуёш ботишигача давом этади. Лекин ҳайитнинг биринчи куни сўйилиши афзалроқ. Шаҳарда ва ҳайит намози ўқиладиган жойларда қурбонликни ҳайит намозидан кейин сўйиш шартдир. Бироқ Ҳайит намози ўқилмайдиган жойларда ҳайит куни тонг ота бошлаши билан сўйилиши мумкин.

Қурбонлик сўйилгандан кейин у кунни ҳайит эмас арафалиги маълум бўлса, қилинган қурбонлик қурбонликка ўтадими?

Ҳа, қурбонлик сўйилгандан кейин у куннинг ҳайит эмас арафалиги маълум бўлса, қилинган қурбонлик қурбонликка ўтади. Чунки бу хил хатолардан ҳар доим сақланмоқ мумкин эмас.

Вожиб бўлган қурбонлик хиллари қайсидир?

Вожиб бўлган қурбонлик хиллари шулардир: 1-Бойнинг ҳайит кунлари қилган қурбонлиги; 2-Назр қилинган қурбонлик; 3 Камбағалнинг қурбонлик нияти билан сотиб олган қурбонлиги.

Нафл бўлган қурбонлик хиллари қайсидир?

Нафл бўлган қурбонлик хиллари шулардир: 1. Мусофирнинг қилган қурбонлиги; 2. Камбағалнинг қурбонлик учун ният қилмай сотиб олган ёки мулкиятида (тасарруфида) бўлган ҳайвонлардан қилган қурбонлиги. 3. Кишининг Қурбон ҳайити кунларидан ташқари Аллоҳ ризоси учун сўйган қурбонлиги.

Қурбонлик кимларга вожибдир?

Қурбонлик бой ва муқим (мусофир бўлмаган) ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожибдир.

Бой деб кимга айтилади?

Бой деб, қарзидан ва асосий эҳтиёжларидан бошқа 20 мисқол (80.18 гр) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки молга эга бўлган одамга айтилади. Қурбонлик билан закотнинг нисоби бир хил бўлиши билан бирга, қурбонлик нисобида молнинг кўпаядиган бўлиши ёки қурбонлик муддатидан бир йил ўтиши керак деган шарт йўқдир .

Асосий эҳтиёжлар нималар?

Одамнинг яшаётган уйи, керакли уй ашёси, либос, улов, иш қуроллари ва шунга ўхшашлар асосий эҳтиёжларнинг муҳимларидир.

Муқим деб кимга айтилади?

Муқим деб қурбонлик сўйиладиган кунларда оиласи яшаётган жойда бўлган ёки сафарда камида ўн беш кун ёки ундан ҳам кўп қолишга ният қилган кишига айтилади. Қурбонликни таъминлаш, сўйиш ва гўштини ҳақдор кишига бериш қийин бўлгани учун мусофир кишига агар бой бўлса ҳам қурбонлик қилиш вожиб қилинмаган. Лекин мусофир хоҳласа нафл тариқасида қурбонлик қилиши мумкин.

Кишининг туғилиб ўсган ёки сафар (мусофир) ҳисобланадиган масофага бориб қиладиган қурбонлигининг ҳукми қандай?

Кишининг у жойда уйи ёки ақори бўлмаса қилинадиган қурбонлиги нафлдир. Уйи ёки ақори бор бўлса қурбонликнинг ҳукми ихтилофлидир. Баъзиларга кўра нафл, баъзиларга кўра вожибдир. Биринчи қараш тўғрироқдир. Бундай ихтилофлар бундай вазиятларда кишининг мусофир ёки муқим бўлишига бориб тақалади .

Мусофир бўлган кишининг яшаётган жойида ваколат билан қилган қурбонлигининг ҳукми қандай?

Мусофир бўлган кишининг яшаётган жойида ваколат билан қилган қурбонлиги нафлдир.

Муқим бўлган кишининг сафар масофасида бўлган бир жойда ваколат билан қилган қурбонлигининг ҳукми қандай?

Муқим бўлган кишининг сафар масофасида бўлган бир жойда ваколат билан қилган қурбонлиги вожибдир. Бу икки масалада қурбонлик сўйиладиган жойга эмас, қурбонлик соҳибининг муқим ёки мусофир бўлишига эътибор қилинади.

Мусофир бўлган киши қурбонлик сўйгандан кейин қурбонлик қиладиган кунларда муқим ҳолатига келса яна қурбонлик қилиши керакми?

Йўқ, мусофир қурбонлик қилгандан кейин Ҳайит кунларида муқим ҳолатига келса яна қурбонлик қилиши керак эмас.

Қурбонлик вожиб бўлиши учун ақл ва балоғат шартми?

Қурбонлик вожиб бўлиши учун Имоми Аъзам ва Абу Юсуфга кўра ақл ва балоғат шарт эмас. Шу сабабли бой бўлган бир бола ёки руҳий касал бўлган кишининг молидан отаси ёки валийси қурбонлик қилиши керак. Бу қурбонликнинг гўштидан фақат бола ёки руҳий касал бўлган кишининг ўзи ейиши мумкин. Гўштнинг қолган қисмини кийимкечакка ёки фойдаланадиган бошқа нарсаларга алмаштириш мумкин. Лекин Имом Муҳаммадга кўра қурбонлик вожиб бўлиши учун ақл ва балоғат шартдир. Фатво ҳам шунга кўрадир. Шу сабабли бола ёки руҳий хастанинг молидан қурбонлик қилиниши керак эмас.

Бир одам бошка шахсга хадия килиб курбонлик олиб суйдириб берса буладими? (масалан мен бир куй олиб отамни номидан суйдириб отамни хурсанд килсам)

Бўлади. Хатто оламдан ўтган мусулмон киши номидан хам қурбонлик сўйса бўлади. (савоби шу оламдан ўтган кишига деган ниятда)

Бир мусулмоннинг закот бергулик моли бўлмасаю, лекин яшаб турган уйидан бошқа яна бир уйи ёки олиб қўйган ери бўлса у кишига қурбонлик вожиб бўладими?

Ха бундай киши албатта қурбонлик қилиши керак. Яшаб турган уйидан ташқари нисоб миқдорига тенг ёки нисобдан ортиқ, мулк сифатида олиб қўйилган уй-жойи ёки ери бўлган муқим мусулмонга қурбонлик вожиб бўлади. Масалан: Тошкент шахрига бошқа вилоятдан келиб ижарага уй олиб яшаётган одамнинг, ўз вилоятида ўзи ёки оиласи яшамаётган ёки фойдаланмаётган уй жойи бўлса бундай одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлади, сабаби вилоятидаги уйи энди хожати аслиядан чиқиб қолди.

Бир ҳайвон нечта одам номидан қурбонлик қилиниши мумкин?

Бир қўй ёки эчки фақат бир киши номидан қурбонлик қилиниши мумкин. Бир туя ёки бир қорамол бир кишидан етти кишига қадар одамлар номидан қурбонлик қилиниши мумкин. Етти кишидан ошмаслик шарти билан шерикларнинг тоқ ёки жуфт бўлишларининг асло фарқи йўқ.

Бир одамнинг бошқаларни шерик қилиш нияти билан қорамол сотиб олиши, кейин бошқаларни шерик қилишида кароҳат борми?

Йўқ, бу вазиятда бошқаларни шерик қилишда кароҳат йўқдир.

Савол қолдириш