Ҳасип Асутай. Қурбонлик рисоласи
Таржимон: Сайфиддин Сайфуллоҳ
Тошкент, "Мовароуннаҳр" 2005
Қурбонликнинг таърифи
Қурбонлик Аллоҳ Таолога яқинлик ҳосил килиш учун сўйиладиган жонлиқдир. Қурбонлик бир нечта хил бўлади: Қурбон хайити куилари сўйиладиган вожиб қурбонлик, назр қурбонлик, ақиқа қурбонлик, хадий (хажда сўйиладиган) қурбонлик. Қуйида хар бир тур қурбонлик хақида батафсил тўхталамиз.
Вожиб қурбонлик
Унинг ҳукми
Қурбонлик қилиш ҳанафий уламолар наздида қурбон байрами кунларида қарзидан ва асосий эхтиёжларидан бошқа 20 мисқол (80.18гр) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки мол-мулкка эга бўлган одам (эркак, аёл, балоғатга етмаган гўдак, ақли заиф бўлса хам) зиммасидаги вожиб амалдир. Балоғатга етмаган ва ақли заифларнинг молидан валийси қурбонлик қилади. Закотда молнинг нисобга етишидан ташқари, унинг тижорат моли бўлиши ва бир йил давомида камаймасдан туриши шарт қилинади, қурбонликда эса бу шартлар йўқ. Одамнинг яшаётган уйи (гарчи бу уй ўзиники бўлмаса ҳам), керакли уй ашёлари, либоси, улови, иш қуроллари ва шунга ўхшаган нарсалари асосий эҳтиёжи дейилади (масалан: яшаб турган уйидан ташқари нисоб миқдорига тенг ёки нисобдан ортиқ, мулк сифатида олиб қўйилган уй-жойи ёки ери бўлган муқим мусулмонга қурбонлик вожиб бўлади). Қурбонлик вожиб бўлиши учун вақтнинг охирига эътибор қилинади. Яъни Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан олдин Бой бўлган одам қурбонлик сўйиши вожиб бўлади. Аксинча, ўша куни қуёш ботишидан олдин камбағал бўлган ёки ўлган кишидан қурбонлик мажбурияти кетади.
Баъзи олимлар инсоннинг моли нисобга етиш-етмаслигидан қатъий назар, агар у қурбонлик қилишга қодир бўлса ва шу иш сабабли қийналиб қолмаса, унга бу амал таъкидланган суннатдир, дейдилар. Айримлар қурбонлик қилишни хатто фарз ҳам деганлар. Бу ҳукмлар Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзига асосланади: "Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг" ("Ал-Кавсар" сураси, 2-оят).
Қурбонлик қилишнинг вақти Қурбон хайитининг биринчи куни тонг бошланиши билан бошланади ва учинчи куни қуёш ботишигача давом этади. Лекин хайитнинг биринчи куни сўйилиши афзалроқ. Шахарда ва хайит намози ўқиладиган жойларда қурбонликни хайит намозидан кейин сўйиш шартдир. Бироқ хайит намози ўқилмайдиган жойларда хайит куни тонг ота бошлаши билан сўйилиши мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "Ким намоздан илгари жонлиқ сўйган бўлса, яна қайта сўйсин" (Муттафақун алайҳи). Абу Айюб ал-Ансорий ривоят қиладилар: "Киши Пайғамбар алайҳиссалом замонларида ўзи ва оила аъзолари номидан бир қўй қурбонлик қилар эди" (Термизий ривоятлари).
Фазилати
Қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: "Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир..." (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари, ҳасан ҳадис). Яна Пайғамбар алайҳиссаломдан: "Қурбонлик ўзи нима?", - деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир", - деб жавоб бердилар. "Ундан бизга қандай ажр бор?", - дейишганида эса, у зот: "Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур", - дедилар... (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Ҳадисларда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда ҳозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши айтилган.
Ҳикмати
Қурбонлик қилишдаги ҳикматлар ҳақида гапирганимизда, улардан қуйидагиларни эслашимиз лозим:
а) Ислом шиорларини улуғлаш; Дин шиорларини ҳурмат қилиш ва улуғлаш иймон аломати бўлиб, бу иш туфайли Ислом мустаҳкамланади, мусулмонларнинг иймонлари зиёдалашади.
б) Бу амал орқали Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш; Зеро, Аллоҳ Таоло: "Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг", - деб буюрган.
в) Тавҳид аҳлининг имоми Иброҳим алайҳиссалом суннатларини тирилтириш; Аллоҳ Таоло у зотга ўз ўғиллари Исмоилни қурбонлик қилишни ваҳий қилди. Сўнг Исмоилнинг ўрниларига бир қўчқорни эваз қилиб берди. У зот ўғиллари ўрнига ўша қўчқорни қурбонлик қилдилар. Аллоҳ деди: "Уни биз улкан қурбонлик эвазига алмаштириб олдик" ("Ас-Саффот" сураси, 108-оят).
г) Ҳайит куни аҳлу оилага мўл-кўлчилик яратиб бериш ҳамда фақир ва мискинларга нисбатан меҳр-шафқат туйғуларини оммалаштириш;
д) Чорва ҳайвонларини бизга бўйсундириб қўйгани учун Аллоҳга шукрона бажо қилиш; Аллоҳ Таоло дейди: "...Бас ундан енглар ҳамда фақир ва ҳожатмандни ризқлантиринглар. Уни сизларга мана шундай бўйсундириб қўйдик, шоядки шукр қилсангизлар. Аллоҳга ҳаргиз унинг гўшти ҳам, қони ҳам етмас. Лекин Унга сизлар тарафингиздан бўлган тақво етур…" ("Ал-Ҳаж" сураси, 36-37-оятлар).
Аҳкомлари
Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш қўй, эчки, мол ва туя каби ҳайвонлардан биронтасини сўйиш орқали амалга оширилади. Қурбонлик қилиш учун танланган қўйнинг бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Буни араб тилида "жазаъ" дейдилар. Қўй совлиқ ёки қўчқор бўлиши мумкин. Қўчқор бўлиши афзал саналади. Маълумки, қўй 6 ойда бир ёшга тўлади. Шунинг учун уни олти ойда бир ёш деб эътибор қилинади. Қўйдан бошқа эчки, сигир, буқа ва туяларга келсак, уларнинг қурбонликка яроқли бўлиши учун "саний" бўлиши шарт қилинган. "Саний" мазкур ҳайвонларнинг ёшини белгилайдиган меъёр бўлиб, у эчкининг тўлиқ бир ёшга кириб, иккига қараб кетганидир. Сигир ва буқаларда икки ёшга тўлиб учга ўтгани, туяда тўлиқ тўрт ёшга кириб бешинчи йилга ўтгани "саний" бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Сўйсангиз фақат "мусинна"ни сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан "жазаъ" сўйинглар". (Муслим ривоятлари). Ҳадисни шарҳ қилган олимлар "мусинна" деганда чорва ҳайвонларнинг "саний"си тушунилади, дейдилар. Санийнинг нима эканини ҳозир айтиб ўтдик. Қўй, эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва молни етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилиши мумкин. Етти кишидан ошмаслик шарти билан шерикларнинг тоқ ёки жуфт бўлишларининг асло фарқи йўқ. Хўроз, товуқ, курка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар қурбонлик нияти билан сўйилиши мумкин эмас.
Бир ҳайвоннинг қурбонлик қилинишига тўсиқ бўлган камчиликларнинг асосийлари:
1. Касаллиги аниқ ошкор бўлса;
2. Суякларининг мағзида илик қолмайдиган даражада озғин бўлса;
3. Икки ёки бир кўзи кўр бўлса;
4. Оқсаётган оёғини ерга босиб, сўйиладиган жойига юриб боролмайдиган даражада чўлоқ бўлса;
5. Тишларининг кўпи тўкилган бўлса;
6. Қулоғининг ёки думининг ярмидан кўпи кесилган ёки узилган бўлса;
7. Шохларининг бири ёки иккиси томиридан кесилган бўлса;
8. Қўйнинг бир, қорамолнинг икки елинининг учи кесилган бўлса;
9. Думи ёки қулоғи туғилган пайтиданоқ бўлмаган бўлса;
10. Бурни кесилган бўлса;
11. Фақат ахлат еган бўлса;
12. Тилининг кўп қисми кесилган бўлса.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Жонлиқнинг тўрт тури қурбонликка яроқли эмас: кўзи кўри, касали маълуми, чўлоғи, ориғи" (Термизий ривоятлари).
Лекин қурбонлик ҳайвоннинг ғилай, қўтир ёки жинни бўлишида, қулоқларининг тешилган ёки ёрилган, ёки учидан кесилиб осилиб ётган ҳолатда бўлишида, жинсий олатларининг йўқлигида ёки бичилган ҳолда бўлганлигида зарар йўқдир.
Қурбонлик ҳайвонда мавжуд бўлиши макруҳ саналган асосий қусурлар:
1. Қарилик сабаби билан сутдан ёки туғишдан қолган бўлса;
2. Қулоғи ёрилган ёки тешилган бўлса;
3. Янги туққан бўлса;
4. Ҳомиладор (туғиши яқин) бўлса.
Қурбоннинг рукни қон чиқазишдир. Ҳайвон сўйилмагунча вожиб бўлган қурбонлик адо қилинган ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам қурбонликка аталган ҳайвонни сўймасдан садақа қилиш жоиз эмас. Фақат қурбонликка аталган ҳайвон байрамнинг қурбон сўйиш кунларида (байрамнинг биринчи, иккинчи ва учинчи кунлари) бирор сабаб билан сўйилмай қолса тирик ҳолида садақа қилинади. Чунки энди қон чиқариш иши садақа ишига айланади. Бу ҳайвон гўштидан эгаси ейиши мумкин бўлмай қолади.
Қурбонлик сўйилганидан кейин у куннинг ҳайит эмас арафа эканлиги маълум бўлса, қилинган қурбонлик қурбонликка ўтади. Чунки бу хил хатолардан ҳар доим сақланмоқ мумкин эмас.
Шерикликда қурбонлик қилиш
Жобир (ра) дан ривоят қилинишига кўра, шундай деганлар: Ҳудайбияда Расулуллоҳ (сав) билан биргаликда бир туяни ҳам, бир сигирни ҳам етти киши учун сўйиб қурбон қилгандик (Абу Довуд, Ибн Можа).
Бир қўй ёки эчки фақат бир киши номидан қурбонлик қилиниши мумкин. Бир туя ёки бир қорамол бир кишидан етти кишига қадар одамлар номидан қурбонлик қилиниши мумкин. Етти кишидан ошмаслик шарти билан шерикларнинг тоқ ёки жуфт бўлишларининг асло фарқи йўқ.
Бир қорамол ёки туяни қурбонлик қилишда шерик бўлганлардан талаб қилинган шартлар:
1. Барча шерикларнинг мусулмон бўлишлари;
2. Ҳаммасининг қурбонлик(ақиқа, назр) нияти билан шерик бўлишлари;
3. Ҳар бирининг умумий қурбонликдан энг камида еттидан бирига эга бўлиши;
Шериклардан бири мусулмон бўлмаса ёки қурбонлик нияти билан эмас, гўшт учун қўшилса ёки бирининг ҳиссаси еттидан биридан кам бўлса, у қурбонлик тамоман қабул қилинмайди. Лекин (ниятда) қурбонлик хилларининг бир хил бўлиши шарт эмас. Яъни бир қисмининг вожиб қурбонлигига, бир қисмининг суннат, нафл, ўлик (марҳум номидан) ёки ақиқа каби фарқли қурбонлик хиллари учун ният қилиниши жоиздир. Барча шерикларнинг бир хил қурбонлик (тури) учун шерик бўлишлари мустаҳабдир.
4. Шериклардан бири Назр қурбонлик ниятида шерикликка қўшилган бўлса, у киши ҳиссасига тўғри келган гўштнинг ҳаммаси тарқатилади, бу гўштдан Назр қилган шахс ва унинг қарамоғидагилар ейиши мумкин эмас. Мабодо назр эгалари бу гўштдан есалар, еган миқдордаги гўшт пулини садақа қилади.
5. Ҳиссадорлар улушларини кўз билан чамалаб бўлиб олишлари мумкин эмас, хассос тарози билан тортиб бўлишлари керак. Лекин калла, тери ва почалардан бир нарсалар гўштга қўшилса жинснинг жинс хилофига ўзгарганлиги учун чамалаб тақсимлаш жоиз бўлади.
6. Қазо қурбонлиги нияти билан бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик қилиш жоиз эмас. Агар шериклардан бири бунга ният қилса, нияти ҳисобланмай, қазога ният қилинган нарса нафлга айланади. Бошқа шерикларнинг қурбонликлари сахих бўлса ҳам ҳиссалари умумий ҳисса бўлганлиги учун ҳаммасининг садақа қилиниши керак.
Қурбонликнинг мустахаблари.
Қурбонлик мустахабларининг асосийлари қуйидагилардир:
1.Қурбонлик қилинадиган хайвонни бир муддат сақлаб боқилиши;
2.Қурбонлик қилинадиган хайвоннинг бўйнига тақинчоқ каби безак турларидан бирор нарса тақиб қўйиш;
3.Қурбонлик қилинадиган хайвоннинг семиз бўлиши;
4.Сўйишдан олдин ёки кейин дуо ўқиш*;
5.Қўлидан келса қиблага қаратиб ётқизилган қурбонлигини сохибининг ўзи сўйиши (қўлидан келмаса бошқа кишига ваколат бериб сўйдиради);
6.Сўйилганидан кейин тақинчоғини садақа қилиниши;
7.Қурбонлик сўйилганидан кейин икки ракат намоз ўқиш;
8.Қурбонлик гўштидан сохибининг ейиши;
9.Қурбонлик гўштидан садақа қилиш.
*Дуо нияти билан: «Менинг намозим, ибодатларим, яшашим ва ўлимим оламларнинг Роббиси бўлган Аллох учундир. Унинг шериги йўқдир». (Анъом сураси, 162-163-оятлар), ояти каримаси ўқилганидан кейин «Бисмиллах Аллоху Акбар» деб сўйилади.
Қурбонликни Вакил орқали сўйдириш
Ҳар бир мусулмон агар имкони бўлса қурбонлигини ўзи сўйса ёки бўйнига ўзи пичоқ тортиб берса албатта афзал. Бунинг иложиси бўлмаса шариатимиз Вакил қилишга рухсат берган. Қурбонлигини бошқа бир одамга сўйдираётган шахс қалбдан ният қилиб “Аллоҳ розилиги учун қилаётган қурбонлигимни сўйишга Сени вакил қилдим” деса етарлидир. Агар қурбонлигини сотиб олиш ва сўйиш-сўйдириш ишларини вакилга топширмоқчи бўлса “Қурбонлигимни олиш, олдириш, сўйдириш ишларига сени умумий вакил қилдим” дейди. Ёки қисқа қилиб “Қурбонлик ишимни ҳал қилишга сени умумий вакил қилдим” дейишлиги етарлидир. Вакилликни қабул қилган шахс қабул қилганлигини билдириб қўйишлиги кифоя қилади.
Бир муқим киши бошқа юртга, давлатга қурбонлик пулини жўнатиб қурбонлигини адо қилса жоиздир (масалан, асли Ўзбекистонлик бўлган, лекин ҳозирда Россияда муқим яшаётган киши Ўзбекистондаги вакилига пул жўнатиб қурбонлигини юртида сўйдирса бўлади).
Бир киши бир қанча кишилар номидан вакил бўлиб, бир қорамол ёки туяни етти киши номидан қурбонлик қилиши жоиздир. Ваколат берувчи баъзи сабабларга кўра ўз исми ўрнига тахаллусини берса ҳам жоиздир, чунки Аллоҳ қурбонлик кимни номидан эканигини билиб турибди.
Агар эр бой аёлининг ваколатини олмасдан унинг номидан вожиб бўлган қурбонлигини сўйдириб кейин буни аёлига айтса ва аёли ҳам бунга рози бўлса қурбонлик саҳиҳ-дуруст бўлади.
Вакил киши хизмати учун ҳақ олиши мумкин, умумий вакиллигини олган шахслари номидан қурбон сўйиши ва сўйдириши мумкин, иккита қурбонликка пул берган киши учун иккита қурбонлик олиши ёки қора молдан икки ҳисса ажратиши ҳам мумкин, сабаби у умумий вакилдир.
Қурбонлик гўшти ва териси
Қурбонлик гўштининг ҳаммасини камбағалларга садақа қилиб бериш ёки ўзи ва болалари учун олиб қолиши жоиз бўлсада, мақбул бўлгани қурбонлик гўштини учга бўлиб, бир қисмини фақирларга садақа қилиб тарқатмоқ, бир қисмини бой бўлса ҳам қўшниси ва яқинларига икром қилмоқ, бир қисмини рўзғори учун айирмоқдир. Агар қурбонлик қилувчи болажон, серфарзанд ва моддий аҳволи ҳам ўртача бўлса, гўштнинг ҳаммасини уларнинг ейиши учун олиб қолиши мустаҳабдир (фақат қурбонлик қилишда нияти гўшт бўлиб қолмаслиги керак).
Қурбонлик гўштидан мусулмон бўлмаган шахсга ҳам эҳсон қилиб бермоқ жоиздир.
Қурбонликнинг сўйилган жойидан бошқа жойга (бир шаҳардан бошқасига...) кўчирилиши танзихан макруҳдир. Лекин кишининг узоқдаги қариндошларига ёки янада муҳтожроқ бўлганларга юборишида зарар йўқдир.
Қурбонлик бўлса ҳам, бўлмаса ҳам сўйилган ҳайвоннинг ейилиши мумкин бўлмаган (макруҳ) аъзолари:
1. Оққан қони;
2. Эркаклик жинсий олати (закар);
3. Урғочилик жинсий аъзоси;
4. Тухумлари;
5. Сийдик халтаси;
6. Безлари;
7. Ўт пуфаги.
Ақиқа қурбонлиги
Янги туғилган чақалоқ сочига Ақиқа дейилади. Аллох Таоло фарзанд берганига шукур сифатида сўйиладиган қурбонликка хам “Ақиқа” номи берилгандир. Ақиқа уч имомга кўра суннат Ханафийларга кўра мубох ва гўзал амалдир.
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ақиқа еттинчи ёки ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни сўйилади”, деганлар (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да, Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ). Шу куни фарзанднинг сочлари хам олиниб, сочига тенг миқдорда олтин ёки кумуш садақа қилинади. Қурбонликка яроқли хайвон ақиқага хам яроқли бўлади. Хўроз, товуқ, курка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар қурбонлик нияти билан сўйилиши мумкин бўлмаганидей Ақиқа учун хам сўйилиши мумкин эмас.
Ақиқа қилишга қудрати етмаган одам қарз олиб бўлса ҳам ақиқа қилиши керак, деган гап йўқ шариатимизда. Ақиқа жонлиғини сўйгандан кейин тадбир уюштириб одамларга тарқатиш шарт эмас, балки бунда муҳими жонлиқнинг сўйилишидир. Уни қай тартибда тарқатиш одамнинг ўзига боғлиқ: хоҳласа, гўштини қўни-қўшни ва қариндош-уруғларга, яна камбағал-бечораларга тарқатсин, хоҳласа, дастурхон ёзиб, одамларни меҳмонга чақириш ҳам мумкин. Аммо бундан кўра энг ҳақдор одамларга тарқатиш афзал. Сабаби ошга қорни тўқ ва бой кишилар ҳам келади. Ночорлар эса доим ҳам тадбирларга таклиф этилавермайди. Масаланинг шу томонини инобатга олиш керак.
Назр
Назр (аташ). Араб тилидаги Назр калимаси Аташ-Атоқ маъносида бўлиб, “кишининг жавобгар бўлмаган холда бир ибодатни ўзига вожиб қилишлигидир”. Масалан: “Фалон ишим битса битта қўй сўяман(ёки қурбон қиламан)” деб ният қилинсаю, шу иш битса кишига қўй сўйишлик вожиб бўлади. Назрга вафо қилиш вожибдир. Бу Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Ва назрларини тўла адо қилсинлар!” (Ҳаж, 29). Қурбонлик назр қилган киши бу қурбонликнинг гўштини ўзи хам, қарамоғидаги кишилар хам(ота-она, бобо-момо, турмуш ўртоқ, фарзанд ва набиралар) ейишлари мумкин эмас. Қурбонлик гўштини фақатгина мухтожларга берилади, бойларга хам берилмайди. Агар бу гўштдан ейиш мумкин бўлмаган шахслар еса, ейилган гўштнинг бадалини(ейилган миқдорича гўшт ёки пулини) мухтожларга бериши керак бўлади.
Калькулятор заказа