Савол-жавоблар

Саволларга "Шайх Зиёвуддинхон" масжиди имом хатиби
Эсанов Эрдон домла устозимиз жавоб беради


Ҳукм томонидан қурбонлик неча хилдир?

Ҳукм томонидан қурбонлик вожиб ва нафл бўлиб, икки хилдир.

Қурбонликнинг рукнлари қайсилар?

Қурбонликнинг фақат бир рукни бор, у ҳам бўлса, қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлардан бирини сўйишдир. Ҳайвонни сўймасдан тирик ёки эвазини (ҳақини) камбағалга бериш билан қурбонлик масъулиятидан қутилмайди.

Қурбонлик саҳиҳ бўлишининг шартлари қайсилар?

Қурбонлик саҳиҳ бўлишининг шартлари шулардир: 1. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қусурсиз бўлиши. 2. Вақтида,яъни қурбон ҳайити кунлари сўйилган бўлиши.

Қурбонлик қачон қилинади?

Қурбонлик қилишнинг вақти, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни тонг бошланиши билан бошланади ва учинчи куни қуёш ботишигача давом этади. Лекин ҳайитнинг биринчи куни сўйилиши афзалроқ. Шаҳарда ва ҳайит намози ўқиладиган жойларда қурбонликни ҳайит намозидан кейин сўйиш шартдир. Бироқ Ҳайит намози ўқилмайдиган жойларда ҳайит куни тонг ота бошлаши билан сўйилиши мумкин.

Қурбонлик сўйилгандан кейин у кунни ҳайит эмас арафалиги маълум бўлса, қилинган қурбонлик қурбонликка ўтадими?

Ҳа, қурбонлик сўйилгандан кейин у куннинг ҳайит эмас арафалиги маълум бўлса, қилинган қурбонлик қурбонликка ўтади. Чунки бу хил хатолардан ҳар доим сақланмоқ мумкин эмас.

Вожиб бўлган қурбонлик хиллари қайсидир?

Вожиб бўлган қурбонлик хиллари шулардир: 1-Бойнинг ҳайит кунлари қилган қурбонлиги; 2-Назр қилинган қурбонлик; 3 Камбағалнинг қурбонлик нияти билан сотиб олган қурбонлиги.

Нафл бўлган қурбонлик хиллари қайсидир?

Нафл бўлган қурбонлик хиллари шулардир: 1. Мусофирнинг қилган қурбонлиги; 2. Камбағалнинг қурбонлик учун ният қилмай сотиб олган ёки мулкиятида (тасарруфида) бўлган ҳайвонлардан қилган қурбонлиги. 3. Кишининг Қурбон ҳайити кунларидан ташқари Аллоҳ ризоси учун сўйган қурбонлиги.

Қурбонлик кимларга вожибдир?

Қурбонлик бой ва муқим (мусофир бўлмаган) ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожибдир.

Бой деб кимга айтилади?

Бой деб, қарзидан ва асосий эҳтиёжларидан бошқа 20 мисқол (80.18 гр) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки молга эга бўлган одамга айтилади. Қурбонлик билан закотнинг нисоби бир хил бўлиши билан бирга, қурбонлик нисобида молнинг кўпаядиган бўлиши ёки қурбонлик муддатидан бир йил ўтиши керак деган шарт йўқдир .

Асосий эҳтиёжлар нималар?

Одамнинг яшаётган уйи, керакли уй ашёси, либос, улов, иш қуроллари ва шунга ўхшашлар асосий эҳтиёжларнинг муҳимларидир.

Савол қолдириш